Қозоғистон Россия нефтининг Ўзбекистонга транзити учун тарифни оширди

Янги тарифлар 2023 йил 1 февралдан кучга киради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 дек - Sputnik. “КазТрансОил” АЖ Россия нефтини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга ташиш учун янги тарифни тасдиқлади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
“КазТрансОйл” АЖ бош директорининг буйруғи билан Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга транзит қилиш мақсадида Россия нефтини ташиш хизмати тарифи 1 тонна учун (ҚҚСсиз) 27,9 АҚШ доллари миқдорида тасдиқланди”, дейилади компания сайтидаги хабарда.
Буйруқ 27 декабрь куни имзоланган. Янги тарифлар 2023 йил 1 февралдан кучга киради.
Ҳозирги тариф 2018 йил 1 январдан амал қилади. Унга кўра, 1 тонна учун 25,12 АҚШ доллари миқдорида (ҚҚСсиз) тўлов олинади. Бунга қуйидагилар киради:
РФнинг Қозоғистон билан чегараси – “Шағир” нефть қуйиш станцияси йўналиши бўйлаб нефтни қуйиш қиймати, юқоридаги тарифни ҳисобга олган ҳолда – 1 тонна учун 24,28 АҚШ доллари (ҚҚСсиз);
“Шағир” нефть қуйиш станциясида темир йўл цистерналарига қуйиш тарифи – 1 тонна учун 0,84 долларни (ҚҚСсиз) ташкил этади.
Аввалроқ Ўзбекистон 2023 йилда Қозоғистондан 300 минг тонна ва Россиядан 300 минг тонна нефть импорт қилиши ҳақида хабар берган эдик.