Санкт-Петербург олийгоҳи билан дизайн борасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Ҳамкорлик лойиҳаси доирасида ўзбекистонлик талабаларга чарм-пойабзал маҳсулотлари дастлабки намуналарининг 3D макетини яратиш, компьютер графикасида замонавий дизайн яратиш каби муҳим босқичлар ўргатилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 дек — Sputnik. “Ўзчармсаноат” уюшмаси, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ва Санкт-Петербург давлат саноат технологиялари ва дизайн университети ўртасида уч томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.
“Мазкур ҳамкорлик Санкт-Петербург давлат саноат технологиялари ва дизайн университетида ташкил этилган “Таълим кластери” асосида чарм-пойабзал ва мўйначиликда илм-фан ва ишлаб чиқариш структураларини бирлаштиради. 1,5 млн долларлик замонавий ускуналар билан жиҳозланган мазкур кластерда эндиликда ўзбекистонлик талабалар соҳа бўйича таҳсил олиб, амалиёт ўташади”, - деди Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти Халқаро ҳамкорлик бўлими ходими Сурайёхон Мамаджанова.
Ҳамкорлик лойиҳаси дастурида талабаларга чарм-пойабзал маҳсулотлари дастлабки намуналарининг 3D макетини яратиш, хомашё тайёрлаш, конструкциялаш, компьютер графикасида замонавий дизайн яратиш, биомеханик ҳаракатланиш ва фасон яратиш каби муҳим босқичлар ўргатилади.
“Ўзчармсаноат” уюшмаси делегатлари Россия университетида бўлиб, мазкур таълим муссасасининг ўқув жараёнлари билан яқиндан танишди. Ректор Алексей Демидов мазкур ҳамкорликни тўла қўллаб-қувватлади. Эндиликда уюшма томонидан Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти талабалари учун таълим грантлари ажратилади ва улар Россияда таҳсил олишлари учун имкониятлар яратилади”, - деди у.
Подписан меморандум о трехстороннем сотрудничестве между "Узчармсаноат", Ташкентским институтом текстильной и легкой промышленности и Санкт-Петербургским государственным университетом промышленных технологий и дизайна.
“Таълим кластери” раҳбари Сергей Шербаков чарм-пойабзал технологиясини ривожлантиришдаги креатив лойиҳалар ва кутилаётган натижалар миқдорига қараб, Россиянинг ишлаб чиқариш корхоналарига мутахассисларни бириктирилишини маълум қилди.
Лойиҳага кўра, талабалар ўз назарий билимларини амалиётда синаб кўришади. Бу борада қўшма ўқув дастурлари, замонавий технологиялардан фойдаланиш, компьютер графикаси, автоматлаштирилган мураккаб дастурлар бўйича қўлланмалар ишлаб чиқилган.
“Ўзчармсаноат” уюшмаси ташаббуси билан ҳар йили ўтказиб келинадиган “UzCharmStyle” ёш дизайнерлар кўргазмасида эндиликда россиялик мутахассислар ва талабалар ҳам иштирок этишади.