ТОШКЕНТ, 30 дек — Sputnik. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда “ақлли тартибга солиш” лойиҳаси жорий этилади. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган ПҚ–462-сонли қарорда назарда тутилган.
Ҳужжат билан президент ҳузурида Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти ташкил этилди.
Қарорга кўра, президентга ҳисобдор бўлган, давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасаси шаклидаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти, жумладан:
Президентнинг ҳуқуқий сиёсатни шакллантириш ва амалга ошириш бўйича фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди;
қонунчилик ҳужжатларининг тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказади ва амалга оширилишини мониторинг қилади, уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.
Институтга қуйидаги соҳаларда амалий тадқиқотлар ўтказиш юклатилади:
маъмурий ислоҳотлар ўтказиш шароитида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш;
конституциявий ислоҳотларнинг сиёсий-ҳуқуқий устувор йўналишлари ва уни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш (давлат бошқаруви, фуқаролик жамиятини ривожлантириш);
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш босқичида уларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини мақбуллаштириш орқали “ақлли тартибга солиш” лойиҳасини жорий этиш;
коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш.
Ҳужжатга кўра, институт томонидан ўтказиладиган фундаментал ва амалий тадқиқотларни мувофиқлаштириш мақсадида Илмий-мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилади.