"Вкусно - и точка" эгаси Ўзбекистонда товар белгисини рўйхатдан ўтказишга ариза берди

Ўзбекистонда "Mazali va nuqta" ва "Lazzatli va nuqta" товар белгиси пайдо бўлиши мумкин.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Россиянинг “Вкусно - и точка” тез овқатланиш ресторанлари Ўзбекистонда "Mazali va nuqta" ва "Lazzatli va nuqta" товар белгиси остида рўйхатдан ўтказилиши мумкин.
Тармоқларга эгалик қилувчи “Система ПБО” МЧЖ Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигига товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш учун ариза топширган.
Агентлик маълумотлар базасида 28 декабрь куни “Система ПБО” МЧЖнинг 20227184 ва 20227186 рақамли талабномалари пайдо бўлди. Компания бирдан барча тоифалар бўйича ариза топширган.
Аввалроқ “Вкусно - и точка” МДҲ давлатлари бозорига чиқиш имкониятини кўриб чиқаётгани хабар қилинганди. Бу McDonald's мавжуд бўлмаган мамлакатларда франшиза сотиш орқали амалга оширилиши мумкин. Улар орасида Арманистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон бор.
Маълумот учун, Американинг McDonald's тамаддихоналари тармоғи Россиядаги фаолиятини март ойида тўхтатди ва кейинчалик бозорни бутунлай тарк этишга ҳамда Россиядаги бизнесини сотишга қарор қилди. Бизнесни компания лицензиясига эга Александр Говор сотиб олди, энди у янги “Вкусно - и точка” бренди остидаги ресторанларни бошқаряпти.