Вазирликлар қисқаргач, 2023 йил бюджети қайтадан тақсимланадими?

Бюджет ва оптималлашгани аниқ бўлгач, ортган маблағ ижтимоий ҳимояга йўналтирилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Ўзбекистоннинг 2023 йилга мўлжалланган бюджети қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда АОКАда ўтган анжуманда молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев айтиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, 27 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг 36-ялпи мажлисида 2023 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун тасдиқланди. Аммо бундан бир неча кун олдин 2023 йил 1 январдан вазирликлар сонини қисқартиришни кўзда тутувчи маъмурий ислоҳот эълон қилинганди.
Натижада кўпчиликда бюджет тўғрисида қонун қайта кўриб чиқиладими, деган савол пайдо бўлди. Жамшид Абруев шу саволга жавоб берди.
“3 кундан кейин январь ойи бошланади. Одамларга ойлик бериш керак, дори, озиқ-овқат ва умуман ҳар хил харажатлари бор. Бу ишлар Сенатгача маъқулланган қонун асосида амалга оширилаверади. Лекин вазирликлар таркиби, номи ўзгариши Бюджет кодексида ҳам кўзда тутилган. Бу бўйича қонунга белгиланган тартибда ўзгартириш киритилади. Қонун қабул қилинганидан кейин ҳар бир вазирликнинг тузилмалари қабул қилинади. Вазирликда неча киши бўлади, уларга қандай вазифалар юклатилади – шундан келиб чиққан ҳолда уларнинг бюджети қайта ҳисобланади”, - дейди Абруев.
Мутасаддининг қўшимча қилишича, қонун билан тасдиқланган бюджет ва оптималлашгани аниқ бўлгач, ортган маблағ ижтимоий ҳимояга йўналтирилади.
Жамшид Абруевга кўра, бу бўйича тайёрланган ҳужжатлар Олий Мажлисга киритилади, ўрнатилган тартибда унга ўзгартириш киритилгач, маблағлар белгиланган тартибда тақсимланади.