Қурилаётган АЭС қарийб 3 млрд. метр куб газни тежайди - Мальгинов

Ўзбекистонда Россия лойиҳалаштирган АЭСни қуриш ва ундан фойдаланиш жараёнида 8 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг “байроқдор” йўналиши атом энергетикаси соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик ва республикада Россия лойиҳалаштирган атом электр станцияларини қуриш бўлиши мумкин. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари, элчи Олег Мальгинов маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, “Ўзбекистонда ўтган йили кузатилган энергия таъминоти билан боғлиқ муаммолар Россия ва Ўзбекистон раҳбарларининг 2018 йилда Тошкентда қабул қилинган қарори нақадар тўғри эканлигини” яна бир бор кўрсатди.
“Бугунги кунда “Росатом” давлат корпорацияси ва “Ўзатом” агентлиги атом электр станциясини қуриш бўйича бош шартнома лойиҳаси устида ишламоқда – бу катта ва кўп қиррали иш. Қайд этаманки, қурилаётган атом электр станцияси қарийб 3 миллиард куб метр газни тежайди”, - деди элчи.
Шунингдек, станция қурилиши ва фойдаланиш даврида республикада 8 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Дипломатнинг таъкидлашича, маҳаллийлаштириш маҳаллий компанияларга сезиларли даромад ва республика бюджетига солиқ тушумларини келтиради.
Бундан ташқари, Мальгинов Россиянинг “ЛУКОЙЛ”, “Газпром”, “Татнефть”, “Зарубежнефть”, “Силовые машины” ОАЖ, “РусГидро” ОАЖ каби компаниялари Ўзбекистонда кўп йиллардан буён муваффақиятли фаолият юритаётганини ва бу соҳага киритилган Россия инвестицияларининг умумий ҳажми 12 миллиард долларни ташкил этишини қўшимча қилди.