Ўзбекистон Озарбайжонда салкам 1000 ўринли мактаб қуряпти

Мактаб қурилиши 2023 йил августигача якунланиши кутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Ўзбекистон Озарбайжоннинг Фузули туманида 960 ўринли мактаб қурмоқда. Бу ҳақда AzerTac хабар берди.
Қайд этилишича, қурилиш президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон бюджети ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев бу ташаббусни Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамжиҳатлик, дўстлик ва биродарликнинг навбатдаги кўриниши деб атади.
Мактаб тамал тошини қўйиш ишлари шу йилнинг сентябрь ойида бошланган. Қурилиш ишлари 3 гектар майдонни эгаллаган, унда асосий мактаб биносидан ташқари, 14 та ёрдамчи бино ҳам бўлади.
Мактабда 40 та ўқув хонаси, 6 та лаборатория, 2 та компьютер синфи, 5 та функционал синфлар, фаоллар зали, спорт зали, ошхона, кутубхона бўлади. Мактаб ҳудудида футбол майдони, дам олиш ва тадбирлар ўтказиш жойлари, югуриш йўлаклари, назорат пункти, қозонхона, сув идишлари, трансформатор подстанцияси қурилади.
Мактаб қурилиши 2023 йил августигача якунланиши кутилмоқда.