ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Ўзбекистонда ҳокимларга нисбатан ишончсизлик вотуми тақдим этиш тартиби жорий этилиши кутилмоқда. Бу Адлия вазирлиги ишлаб чиққан ва жамоатчилик муҳокамасига қўйган қонун лойиҳасида назарда тутилган.
Таъкидланишича, Маҳаллий ижроия ҳокимияти тўғрисидаги қонуннинг мақсади маҳаллий ижроия ҳокимиятининг фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.
7-моддада Халқ депутатлари кенгашларининг депутатлари умумий сонининг камида бешдан бир қисми ҳокимга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш таклифи билан чиқиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.
Ҳокимга нисбатан ишончсизлик вотумини қабул қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:
халқ депутатлари кенгашлари тасдиқлаган ҳудудни ривожлантириш бўйича дастурда назарда тутилган тадбирларнинг камида учдан бир қисми бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаганлиги;
ҳокимнинг халқ депутатлари кенгашлари ваколати доирасида берилган қонуний талабларни икки мартадан ортиқ бажармагани;
ҳокимнинг давлат фуқаролик хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларини бузгани;
ҳоким ёки унинг ўринбосарлари давлат харидларини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйгани, шунингдек, маҳаллий бюджет маблағларини сарфлашда қонунчилик талабларини бузгани.
Ишончсизлик вотумини тегишли халқ депутатлари Кенгашлари 10 кун муддат ичида навбатдан ташқари сессиясида кўриб чиқади. Депутатлар умумий сонининг камида ярмидан кўпи овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади.
Қабул қилинган ишончсизлик вотумини халқ депутатлари Кенгашининг раиси беш кун ичида ҳокимни лавозимидан озод учун тегишлича президентга ёки юқори турувчи ҳокимга юборади.
Ҳокимга нисбатан ишончсизлик вотуми қабул қилинган ҳолатда президент ёки юқори турувчи ҳоким 10 кун ичида ҳокимни лавозимидан озод этиш ёки ишончсизлик вотумини рад этиш масаласини кўриб чиқади.
Ҳокимни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, унинг ўринбосарлари ҳам истеъфога чиқарилади.
Ишончсизлик вотуми рад этилганда, тегишли халқ депутатлари кенгаши 6 ойдан сўнг ҳокимга нисбатан такроран ишончсизлик вотумини қабул қилиб, яна президент ёки юқори турувчи ҳокимга юбориши мумкин.
Қонун лойиҳаси муҳокамасида 11 январгача иштирок этиш мумкин.