ТОШКЕНТ, 28 дек — Sputnik. Ислом цивилизацияси маркази фондида Қуръони Каримнинг 28 та нодир қўлёзмасидан иборат коллекция шакллантирилди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, шу йил Ислом цивилизацияси маркази фондига аҳоли ва шахсий коллекциялардан 626 та қўлёзма ва 985 та тошбосма асарлар, жами 1611 та манба қабул қилинган.
Йил бошидан буён илмий аҳамиятга эга бўлган 11 та ёзма манба таржима қилиниб, чоп этишга тайёрланган. Қуръони Карим бўлими экспозицияси учун Қуръони Каримнинг 28 та нодир қўлёзмасидан иборат коллекция шакллантирилган.
Қатар миллий кутубхонасидан 2 минг 635 та фото-ҳужжат, қўлёзмалар, архив ҳужжатлари, Туркия Республикаси олимлари қўлёзмалар коллекциясининг маълумотлар базасидан 70 мингдан ортиқ, АҚШ Конгресси кутубхонасидан 558 та кўлёзма ва фото-ҳужжатлар, “ТуркТАВ” фондидан 20 мингдан зиёд ноёб китоблар, Мисрнинг “Ал-Азҳар” мажмуасидан Алишер Навоийга оид 5 дона, Камолиддин Беҳзодга оид 6 дона электрон манбалар олинган.