Ўзбекистон Сув кодекси лойиҳаси эълон қилинди

Янги қонун лойиҳаси сув муносабатларини комплекс ва тизимлаштирилган равишда ҳуқуқий тартибга солишни таъминлайди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 дек — Sputnik. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистоннинг Сув кодекси лойиҳаси эълон қилинди.
Сув кодекси лойиҳасини ишлаб чиқишнинг асосий ғояси Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва муҳофаза қилишнинг ҳамда сувдан оқилона фойдаланишнинг самарали механизмларини жорий этиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда сув муносабатларини комплекс ва тизимлаштирилган ҳуқуқий тартибга солишни таъминлайди.
Сув кодексининг асосий мақсади - сув ресурсларидан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни (сув муносабатларини) тартибга солишдан иборат.
Сув кодексининг асосий вазифалари:
аҳолини, иқтисодиёт тармоқлари ва атроф муҳитни сув билан барқарор таъминлаш;
сув ресурсларини, шу жумладан бозор муносабатлари шароитида бошқариш ва улардан оқилона фойдаланишнинг самарали механизмларини яратиш;
аҳоли ва атроф муҳит учун сувдан фойдаланишнинг экологик хавфсиз даражасига эришиш ҳамда уни сақлаш;
сув ресурсларини бошқаришнинг иқлим ўзгаришига барқарорлигини ошириш;
давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ва сув хўжалиги хизматларини ўзини-ўзи молиялаштириш учун шарт-шароитлар яратиш;
сув ресурсларининг барқарорлигини таъминлаш, шу жумладан сувларни ифлосланиш, булғаланиш ва камайиб кетишдан муҳофаза қилиш;
сувлар ва сув объектларининг ҳолатини яхшилаш, сувга зарарли таъсирнинг олдини олиш ва уни бартараф этиш;
сув объектлари ҳолатини яхшилаш, юридик ва жисмоний шахсларнинг сувга доир муносабатлар соҳасидаги ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
сув масалалари бўйича давлатлараро ҳамкорликка содиқликни таъминлаш ҳисобланади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти, махсус ваколатли ва бошқа органлар номидан давлат, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа нотижорат ташкилотлари, бошқа юридик ва жисмоний шахслар сувга доир муносабатлар субъектлари ҳисобланади.
Сув кодексини ишлаб чиқишда хорижий мамлакатларда, айниқса, табиий ва ижтимоий-иқтисодий шароитлари, ҳуқуқий тизимлари ўхшаш бўлган мамлакатларда сув муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш тажрибаси ўрганилган. Хусусан, Хитой Халқ Республикаси Сув тўғрисидаги қонуни (2002), Россия Федерацияси Сув кодекси (2006й), Арманистон Республикаси Сув кодекси (2002 й), Беларус Республикаси Сув кодекси (2014 й), Қозоғистон Республикаси Сув кодекси (2003 й), Қирғизистон Республикаси Сув кодекси (2005 й), Тожикистон Республикаси Сув кодекси (2020 й), Туркманистон Сув кодекси (2019 й), Украина Республикаси Сув кодекси (1995 й) таҳлил қилинган. Ўзбекистон ҳуқуқий тизимининг роман-герман ҳуқуқига яқинлигини ҳисобга олиб, Франция, Германия ва Эстония давлатларининг сув қонунчилиги ўрганилган.