ТОШКЕНТ, 27 дек — Sputnik. Раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш даражасини аниқлаш тест синовлари ўтказилди. Бу ҳақда Давлат тест маркази хабар берди.
Қайд этилишича, тест синовлари раҳбар кадрлар ва масъул лавозимларга тайинланадиган шахсларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилди.
Талабгорларнинг қуйидаги кўникмалари текширилди:
ўқиб тушуниш;
имло қоидаларини тўғри қўллай олиш;
сўз ва қўшимчалардан тўғри фойдалана билиш;
тиниш белгиларини ўз ўрнида ишлата олиш;
топшириққа кўра мос расмий ҳужжат матнини тайёрлаш.
Тест синови натижалари 15 иш куни ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали эълон қилинади.