Термиз аэропорти реконструкциядан сўнг яна очилди - фото

Термиз халқаро аэропорти 55 кунлик танаффусдан сўнг самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш учун яна очилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 дек — Sputnik. Термиз халқаро аэропорти реконструкциядан сўнг яна ишга туширилди. Бу ҳақда Uzbekistan airports хабар берди.
“Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг Тошкент — Термиз йўналиши бўйича HY-65 рейси, бортида 146 нафар йўловчилар билан Термиз аэропортига келиб қўнди.
Термиз халқаро аэропорти 55 кунлик танаффусдан сўнг самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш учун яна очилди.
Аэропорт "Термез" открыт после реконструкции
Қайта қуриш доирасида узунлиги 3000 метр ва эни 60 метр бўлган янги учиш-қўниш йўлаги, юриш йўлаклари ва учта самолёт тўхташ жойи учун перронни ўз ичига олган, янги 4E тоифали аэродром мажмуаси қурилди.
Шунингдек, аэродромга замонавий CAT-I ICAO ёритиш ускуналари тизими, метеорологик ва радионавигация қўниш тизимлари ўрнатилди.

“Янги аэродром мажмуасини қуриш лойиҳаси 550 миллиард сўмга баҳоланмоқда. Айни пайтда 377 миллиард сўмлик ишлар бажарилган. Лойиҳанинг якуний босқичи — учта самолёт турар жойи ва иккинчи юриш йўлаги 2023 йилнинг апрелигача якунланиши режалаштирилмоқда”, - дейилади хабарда.

Термиздаги янги аэродромнинг учиш-қўниш йўлаги бетондан қурилган. Айтилишича, бу Сурхондарё вилоятининг иссиқ иқлими шароитида энг яхши ечим. Чунки бетондан ясалган учиш-қўниш йўлаги мустаҳкамроқ ва чидамлироқдир.
1 / 2
2 / 2
Бугунги кунга қадар фақат Навоий ва Термиз аэропортларида бетондан учиш-қўниш йўлаги қурилган.
Эслатиб ўтамиз, Термиз аэропорти янги аэродром мажмуасини фойдаланишга топширишга тайёргарлик кўрилаётгани муносабати билан 1 ноябрь куни ёпилган. Парвозлар вақтинча республиканинг бошқа халқаро аэропортларига йўналтирилиб келинган эди.
Аэропорт терминали ҳам реконструкция қилиниб, 2019 йилда фойдаланишга топширилган.