ТОШКЕНТ, 26 дек — Sputnik. Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида замонавий моддий-техника ва ўқув-машқ базасига эга бўлган ҳудудий Гимнастика спорт турларига тайёрлаш марказлари ташкил этилади. Бу ҳақда президент 23 декабрь куни имзолаган 449-қарорда назарда тутилган.
Қарор билан гимнастика спорт турларини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланди. Унга кўра, боғча ва мактабларда гимнастика бўйича дастурлар жорий қилинади.
Қарорга кўра, 2023/2024 ўқув йилидан қуйидаги дастурлар жорий қилинади:
боғчаларда “Гимнастикага илк қадам” дастури;
мактабларда бошланғич синф ўқувчиларига мўлжалланган “Болалар учун гимнастика” дастури.
Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида ташкил этиладиган марказлар юридик шахс мақомига эга бўлган ихтисослаштирилган давлат спорт-таълим муассасаси ҳисобланиб, ўз фаолиятини 2024/2025 ўқув йилидан бошлайди.
Гимнастика марказлари ўқувчиларининг умумий контингенти жами 132 нафарни ташкил этиб, улар 1–11-синф ўқувчиларидан иборат бўлади. Марказларнинг ўқув дастурини ўзлаштирган ва якуний давлат аттестациясидан ўтган 11-синф битирувчиларига давлат намунасидаги диплом берилади.
Мазкур диплом берилган мутахассислик (тренер, тренер-селекционер) бўйича меҳнат фаолиятини амалга ошириш мумкин бўлади.
Қарорга кўра, 2023/2024 ўқув йилидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ва унинг филиалларида гимнастика бўйича амалдаги ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари 2 бараварга оширилади.
2023 йил 1 январдан анъанавий тарзда гимнастика спорт турлари бўйича Ўзбекистонда қуйидаги мусобақалар ўтказилади:
гимнастрада спорт тури бўйича хотин-қизлар ўртасида Президент кубоги;
бадиий гимнастика бўйича ёшлар ўртасида “Ёрқин юлдузча” ва катталар ўртасида “Grand Prix Uzbekistan” халқаро турнири;
спорт гимнастикаси бўйича “Духоба йўл” халқаро турнири;
трамполин бўйича “Самодан баланд” халқаро турнири;
халқаро гимнастика кунига бағишлаб ўтказиладиган “Gymnastics Day” бутун Ўзбекистон оммавий форуми;
умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Халқ таълими вазири кубоги”;
гимнастика спорт турлари бўйича Халқаро гимнастика федерациясининг тасдиқланган норма ва қоидаларида белгиланган ёш тоифалари бўйича уч босқичли (туман/шаҳар, ҳудудий ва республика) чемпионатлар ва кубоклар.