Дзюдо: Давлат Бобонов бу йил ҳам жаҳон рейтингини пешқадамлик билан тугатмоқда

Йил якунидаги пешқадамлик учун Бобонов Халқаро дзюдо федерацияси томонидан 10 минг доллар миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 дек — Sputnik. Ўзбекистонлик спортчи Давлат Бобонов қаторасига иккинчи йил дзюдо бўйича жаҳон рейтингини пешқадамлик билан тугатмоқда. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Исроилда ўтган дзюдо бўйича "Мастерс" мусобақасидан сўнг спортчиларнинг янгиланган рейтинг жадвали эълон қилинди. Турнирдан сўнг бир қатор вазн тоифаларида ўзгаришлар юз берди.
Давлат Бобонов -90 кг вазн тоифасидаги етакчиликни сақлаб қолди ва бу йил ҳам ўз вазн тоифасида рейтингни биринчи поғонада тугатадиган бўлди.
Йил якунидаги пешқадамлик учун Бобонов Халқаро дзюдо федерацияси томонидан 10 минг доллар миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланади.
Афсуски, Диёра Келдиёрова (-52 кг) тўртинчи поғонага тушиб қолди. -73 кг вазндаги муваффақиятга эришган Аҳадов ва Йўлдошев ҳам сезиларли юқорилади.
Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойида Озарбайжон пойтахти Бокуда ўтказилган “Катта дубулға” турниридан сўнг Халқаро дзюдо федерацияси (ХДФ) спортчиларнинг янгиланган рейтингини эълон қилган эди.
Унга кўра, рейтингда Давлат Бобонов (90 кг)– 6134 очкога эга чиққан эди. Диёра Келдиёрова эса (52 кг) - 5750 очко қўлга киритган. Қайд этилишича, шу пайтгача ҳеч бир ўзбекистонлик дзюдочи қиз дунё рейтингида биринчи ўринга кўтарилмаган.