Қоядек мустаҳкам – Хитой ташқи ишлар вазири Россия билан муносабатлар ҳақида

2022 йилда, Ван Ининг таъкидлашича, икки мамлакатнинг трансчегаравий ўзаро боғлиқлиги ҳам мустаҳкамланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 дек — Sputnik. Якунига етаётган йилда Россия ва Хитой ўртасидаги сиёсий ва стратегик ўзаро ишонч мустаҳкамланди, икки давлат ўртасидаги муносабатлар “қоядек мустаҳкам”, деди Хитой ташқи ишлар вазири Ван И. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
“Йил давомида Хитой ва Россия фундаментал манфаатларни ҳимоя қилишда бир-бирини қатъий қўллаб-қувватлади, ўзаро сиёсий ва стратегик ишончимиз янада мустаҳкамланди”, - деди у Хитой дипломатиясига бағишланган симпозиумда сўзлаган нутқида. Нутқ матни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтида эълон қилинди.
Ван И 2022 йилда Россия ва Хитой ўртасида дўстона ва яхши қўшничилик ҳамкорлиги чуқурлашгани, кенг қамровли стратегик ҳамкорлик “яна етук ва мустаҳкам” бўлганини қўшимча қилди.
Дипломатнинг таъкидлашича, Москва ва Пекин ўртасидаги муносабатлар ҳеч қандай учинчи томонга қарши эмас, улар қўшилмаслик ва қарама-қаршилик қилмаслик тамойилларига асосланади.
“Бундай муносабатлар аралашиш ёки икки давлат ўртасида низо чиқаришга уринишлардан холи ва халқаро муҳитдаги ўзгаришларга қарши иммунитетга эга”, - дейди у.
Хитой ТИВ раҳбари ўз нутқида, шунингдек, Россия ва Хитой ўзаро савдо ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш мақсадига жадаллик билан яқинлашаётганини таъкидлади. Қўшма йирик инвестиция лойиҳалари изчил амалга оширилиб, миллий валюталарда ҳисоб-китоблар кўлами кенгаймоқда.
2022 йилда, Ван Ининг таъкидлашича, икки мамлакатнинг трансчегаравий ўзаро боғлиқлиги ҳам мустаҳкамланди, бунга Хэйхэ — Благовешенск автомобиль кўприги ва Тунцзян – Нижнеленинское темир йўл кўпригининг очилиши ҳисса қўшди.
Аввалроқ Хитойнинг Россиядаги элчиси РИА Новости агентлигига берган интервьюсида Россия ва Хитой ўртасидаги ўзаро қўллов 2022 йилда кучайганини, Пекин, унга кўра, Украина масаласида холис позицияни эгаллаб, бир томонлама санкциялар қўлланилишига қарши чиққанини таъкидлаган эди.