Қирол Чарльз III шаҳзода Эндрюни Букингем саройидан ҳайдади – ОАВ

Шаҳзода Эндрю жинсий зўравонликда айбланиб, можароли машҳурликка эришганди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 дек — Sputnik. Буюк Британия қироли Чарльз III баъзи унвонлардан маҳрум этилган шаҳзода Эндрюни Букингем саройидан чиқариб юборди, деб ёзади The Sun газетаси манбаларга таяниб.
Манбаларга кўра, шаҳзода Эндрюнинг саройдаги ҳаёти ниҳоясига етган.
“Қирол очиқча билдирди. У (Эндрю – таҳр.) қироллик вазифаларини бажармаяпти. У ўз билганини қиляпти”, - деган манба нашрга.
Қайд этилишича, шарманда бўлган шаҳзода шунга қарамай Сандрингем саройидаги қироллик Рождество зиёфатида иштирок этади.
Газета ноябрь ойида Буюк Британия Ички ишлар вазирлиги шаҳзода Эндрюни қуролланган қўриқчилар хизматидан маҳрум қилгани, улар учун Британия ғазнаси ҳар йили уч миллион фунт стерлинг (3,6 миллион доллар) тўлагани ҳақида хабар берган эди.
Шаҳзода Эндрю инсон ҳуқуқлари фаоли Виржиния Жуффре қироллик оиласи аъзоси уни зўрлагани ҳақида даъво билан чиқиши ортидан машҳур бўлганди. Аёлнинг таъкидлашича, Йорк герцоги уни 17 ёшида Лондонда зўрлаган.
Март ойида ОАВ шаҳзода Эндрю Жуффрега товон пули тўлаб, у билан судгача келишувга эришганини хабар қилди. Шундан сўнг иш юритуви тўхтатилди. Қайд этилишича, товон пули 12 миллион фунтга тенг бўлиши мумкин.
Январь ойида, айбловлар ва кейинги даъволар фонида Букингем саройи шаҳзода Эндрю фахрий ҳарбий унвонлар, қироллик ҳомийлигидан маҳрум қилингани ва энди “зоти олийлари” унвонидан фойдалана олмаслигини эълон қилди.
Шаҳзода Эндрю – Қиролича Елизавета II нинг учинчи фарзанди ва иккинчи ўғли, қирол Чарльз III нинг укаси.