Озарбайжон ва Ўзбекистон 700 миллион долларлик лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда

Томонлар Халқаро автомобиль транспорти бўйича Аралаш комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказишнинг ташкилий жиҳатлари келишиб олди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 дек — Sputnik. Боку ва Тошкент умумий қиймати 700 миллион доллардан ортиқ бўлган бешта йирик лойиҳани амалга оширишнинг молиявий ва техник жиҳатлари устида ишламоқда, дея хабар берди Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги.
Вазирлик хабарига кўра, 24 декабрь куни Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев ва Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микайил Жабборов савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика соҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг кенг кўламли кун тартиби кўриб чиққан.
Ўзаро савдонинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. 2021 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 42 фоизга, жорий йил бошидан эса яна 52 фоизга ошди.
“Саноат кооперацияси ва сармоявий шериклик соҳасидаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида кўриб чиқилди. Ўзбекистон-Озарбайжон Инвестиция жамғармасини ташкил этиш бўйича қўшма ишларни жадаллаштириш, шунингдек, умумий қиймати 700 миллион доллардан ортиқ бўлган 5 та йирик лойиҳанинг молиявий-техникавий жиҳатларини ишлаб чиқишдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди. Мазкур йўналишларда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўйича Ишчи гуруҳ тузишга келишилди”, - дейилади хабарда.
Музокараларда қўшма корхоналарни, жумладан, автомобиллар ишлаб чиқариш, заргарлик буюмлари ва енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди.
“Кун тартибида транспорт-логистика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси ҳам муҳим ўрин тутди. Икки мамлакат ҳудудлари орқали юкларни, жумладан, кундалик эҳтиёждаги товарларни ташиш ҳажмини бир неча баробар ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини муҳокама қилиш мақсадида Халқаро автомобиль транспорти бўйича Аралаш комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказишнинг ташкилий жиҳатлари келишиб олинди”, - дейилади расмий хабарда.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Озарбайжон-Ўзбекистон Инвестиция жамғармасини ташкил этиш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади. Мазкур жамғарма икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Маълумот учун, Россия Ўзбекистоннинг асосий сармоявий ҳамкори бўлиб қолмоқда. Республикадаги капитал қўйилмаларнинг умумий ҳажмининг 20 фоиздан ортиғи Россия Федерацияси ҳиссасига тўғри келади. Шу йилнинг ўтган 11 ойи давомида Россия капитали иштирокида 942 та янги корхона очилган.
2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида жами инвестициялар ҳажми 190 триллион сўмни ташкил этди. Шундан 72 триллион сўм хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳиссасига тўғри келади.
Хорижий инвестициялар ҳажми бўйича Россиядан кейин, иккинчи ўринда Хитой – 19,9 фоиз, учинчи ўринда Туркия – 10,4 фоиз турибди.
Ўтган йили мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 7,5 миллиард долларга ошган бўлса, жорий йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга тага кўпайди, қўшма корхоналар сони 2565 тага етди.