Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиевни туғилган куни билан табриклади

Ўзбекистон раҳбари Илҳом Алиевга узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, давлат ишларида муваффақият тилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 дек — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президенти Илҳом Алиевга 61 ёшни қаршилагани муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда Озарбайжон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Шавкат Мирзиёев табрикда Илҳом Алиевни Озарбайжоннинг янги ривожланиш даврида тарихий адолатни тиклаган ҳақиқий етакчи эканини таъкидлаган.
Қутловда Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида ва ундан кейин Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари учун Самарқандга келганида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши ҳамкорликка ижобий туртки бериши қайд этилган.
“Эришилган барча муҳим келишувлар мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни янада юқори босқичга кўтариб, кўп томонлама ҳамкорлигимизни янги амалий мазмун билан бойитишига аминман”, - дейди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари Илҳом Алиевга узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, Озарбайжон халқига эса фаровонлик, доимий тараққиёт тилаган.