ТОШКЕНТ, 24 дек — Sputnik. Ўзбекистонга 2023 йилда 7 млн нафар хорижий сайёҳ келиши кутилмоқда. Бу ҳақда бугун Тошкентдаги "Wyndham" меҳмонхонасида Ўзбекистон меҳмонхоналар уюшмаси ташкиллаштирган бизнес ҳамкорлар нонуштасида айтиб ўтилди, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.
Унда йил сарҳисоби ҳамда 2023 йил режалари ҳақида сўз борди. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов сайёҳлар ҳаво транспорти логистикасида муаммога дуч келиши керак эмаслигини таъкидлади.
“Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти кундан кунга ортиб бормоқда. Айниқса, Ўзбекистон ҳаво йўллари соҳасида янгиланишлар ва топ-парвозлар уюштириш лозим. Хорижий сайёҳлар ҳаво йўллари логистикасида умуман муаммога дуч келмаслиги лозим”, - деди Абдуҳакимов.
2022 йилда 4,7 млн нафар сайёҳ келган бўлса, келгуси йилда 7 млн нафар хорижий турист келиши ва маҳаллий сайёҳлар сони 12 млн нафарга етиши кутилмоқда.
Қайд этилишича, уюшма томонидан меҳмонхоналарда хизмат кўрсатиш сифатини оширишда қатор давлатлар, хусусан, Россия билан ҳамкорлик янада кенгайтирилади.
Маълумот учун, 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида 3,6 млн нафар чет эл фуқаролари туристик мақсадларда Ўзбекистонга ташриф буюрган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 2,5 млн нафарга ёки 3,2 бараварга ошган.