Олис ҳудудлардаги мактаблар ҳарбий прокуратура идораларига бириктирилади

Ҳарбий прокуратура органлари амалга оширилган ишлар юзасидан президентга ҳисобот берди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 дек — Sputnik. Олис ҳудудлардаги мактаблар ҳарбий прокуратура идораларига бириктирилиб, прокурорлик соатлари ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Ҳарбий прокуратура органлари амалга оширган ишлар ҳисоботи билан танишиш чоғида маълум қилинди.
Бундан ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсад қилинган.
Маълум қилинишича, жорий йилда 1100 га яқин прокурор назорати ҳужжати қўлланилиб, 261 та ҳужжат қонунга мувофиқлаштирилган. 7858 нафар шахснинг ҳуқуқи тикланган. 654 нафар ҳарбий хизматчининг оила аъзолари иш билан таъминланган.
Қуролли Кучларда қурилиш дастурига киритилган объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари назорат тартибида кўриб чиқилиб, 23 млрд сўмдан зиёд бюджет маблағлари иқтисод қилинишига эришилган. Ҳарбий прокурор протестларига асосан судларнинг 10 та қарори қонунга мувофиқлаштирилиб, 6 нафар шахс оқланган.
Фуқароларнинг 2 мингга яқин мурожаатлари кўриб чиқилиб, 254 таси қаноатлантирилган. Шунингдек, сайёр қабулларда 3200 нафар шахс қабул қилиниб, аниқланган муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилган.
Давлат раҳбари Ҳарбий прокуратура фаолиятини рақамлаштириш, инсон манфаатларини таъминлаш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.