ТОШКЕНТ, 24 дек — Sputnik. Бош вазир котибиятининг ўрнак кўрсатган бошқарув ходимларини натижадорлик асосида қўшимча рағбатлантириш учун маблағлар миқдорларини белгилаши мумкин бўлади. Бу ҳақда “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонида белгиланди.
Фармонга мувофиқ ҳукумат раҳбарига масалаларни тартибга солиш ва устувор вазифаларни ҳал қилишнинг муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда бош вазир котибиятининг умумий штатлари сони доирасида унинг ижро этувчи тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилди.
Шунингдек, эндиликда бош вазир иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг долзарб йўналишларини ўрганиш ва улар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун ишчи гуруҳлар ва келишув комиссиялари ташкил қилиши мумкин.
Фармонда Вазирлар Маҳкамаси (А.Н. Арипов) бир ой муддатда:
Бош вазир ўринбосарларининг функционал вазифаларини тасдиқлаши;
Бош вазир котибиятининг штат жадвалини тасдиқлаши;
Бош вазир котибияти тўғрисидаги, унинг барча бўлинмалари функциялари, ваколатлари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масъулиятини батафсил белгилаб берувчи низомни ишлаб чиқиши;
Бош вазир котибиятининг янги ташкил этилган таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаши;
фаолияти тугатилаётган таркибий бўлинмаларнинг ходимларини вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларда раҳбар ва масъул лавозимларга тайинлаш бўйича чоралар кўриши, зарур ҳолларда, таклиф киритиши белгиланди.
Аввалроқ бош вазирнинг ўринбосарлари сони 8 тадан 4 тага қисқартирилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Шунингдек, бош вазир ўринбосарларига бир вақтда вазир лавозимини эгаллаш ҳам тақиқланмоқда.