Ортиқча вазндан халос бўлиш, мунтазам пиёда сайр қилиш, организмни витаминлар билан тўйинтириш сурункали чарчоқдан халос бўлишга ёрдам беради, дейди парҳезшунос Эли Брехер
Қувватни ошириш учун Брехер ҳар куни тоза ҳавода сайр қилишни тавсия қилади. Унинг сўзларига кўра, одамлар жуда кам ҳолларда кўчага, тоза ҳавога чиқишади. Шу сабабли организмда Д витамини етишмаслиги кузатилади. Сайрдан ташқари, рационга тухум сариғи, қўзиқорин, лосось балиғини киритиш лозим.
Сурункали чарчоққа сабаб бўлувчи омиллардан бири жисмоний фаолиятнинг камлиги ва бунинг ортидан келган ортиқча вазн. Салбий оқибатларидан халос бўлиш учун тез пишар таомлар (фастфуд)дан, яримфабрикатлардан халос бўлиш керак. Жисмоний машқлар, эскалатор ва лифтлардан воз кечиш организмни энергияга тўлдириши мумкин.
Парҳезшуноснинг сўзларига кўра, инсон В12 витамини ва магний етишмовчилигида ҳам чарчоқни ҳис қилади. Рационни тўғри тузиб ушбу витаминлар етишмовчилигини тўлдириш мумкин. Хусусан, витаминлар Бразилия ёнғоғи, қовоқ уруғи, бодом, кешью, авокадо ва қора шоколад таркибида кўп. В12 витамини парранда, балиқ гўштлари, тухум ва бошқа ҳайвон маҳсулотларида кўп.