ТОШКЕНТ, 23 дек — Sputnik. Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель гуманитар муаммоларни ҳал қилиш учун Россия президенти Владимир Путин билан алоқаларни давом эттириш зарурлигини маълум қилди.
“Ўйлайманки, биз Путин билан гаплашишимиз керак, мулоқотни давом эттиришимиз керак. Бельгия бош вазири бўлган вақтимдан бери Путин билан доимий алоқада бўлганман”, деди у.
Мишелнинг қўшимча қилишича, махсус операция бошланганидан кейин ҳам унинг Путин билан алоқа каналлари мавжуд ва бошқа Европа етакчилари – Германия канцлери Олаф Шольц ва Франция президенти Эммануэль Макрон Россия президенти билан мунтазам мулоқотда бўлиб туради.
“Ўйлайманки, гуманитар вазиятни бошқаришга ҳаракат қилиш ушбу алоқа каналини сақлаб қолишга арзийди”, дея қўшимча қилди у.
24 февралдан бери Украинада махсус ҳарбий операция ўтказилмоқда. Россия президенти Владимир Путин унинг вазифасини “саккиз йил давомида Киев режими томонидан безорилик ва геноцидга учраган одамларни ҳимоя қилиш” деб атаган.