Сурхон давлат қўриқхонасида озуқа излаб юрган морхўрлар тўдаси тасвирга олинди

Йўқолиб кетиш арафасида турган бу жониворлар Қизил китобга ҳамда Халқаро Табиатни Муҳофаза қилиш иттифоқининг Қизил рўйхатига киритилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 дек — Sputnik. Сурхон давлат қўриқхонасида ўрнатилган фотоқопқонларга озуқа излаб юрган морхўрлар тўдаси муҳрланди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хабар берди.
Йўқолиб кетиш арафасида турган бу жониворлар Қизил китобга ҳамда Халқаро Табиатни Муҳофаза қилиш иттифоқининг Қизил рўйхатига киритилган.
Мутахассислар морхўр сўзининг маъноси форсча “Мор – илон, хўр – ейиш”, яъни “илон ейдиган ҳайвон” деган маънони англатади, дейишади.
Бу жониворларнинг ана шундай ном олишига уларнинг катта буралган кўринишидан илонни эслатувчи шохлари сабабчи бўлган, деган тахминни ҳам илгари суриб келади.
Ҳозирги кунга келиб Сурхон давлат қўриқхонасидаги морхўрларнинг сони охирги саноқ натижаларига кўра 673 бошни ташкил қилмоқда.
Морхўрлар тўдаси
Маълумот учун, ёввойи ҳайвонлар учун қиш мавсуми энг муҳим ва машаққатли давр ҳисобланади. Чунки қишдан беталофат ўтиб олиш ташқи муҳитдаги хавф-хатар билан бирга физиологик ҳолатида ҳам ўзгаришлар юз беради.
Масалан, қиш даврида баланд тоғли ҳудудларда ёввойи ҳайвонларнинг тузга бўлган талаби 2-3 мартага ортиши кузатилади. Айни шу жиҳат эътиборга олинган ҳолда "Сурхон" давлат қўриқхонаси ҳодимлари томонидан асосан морхўрлар юрадиган жойларга табиий туз бўлаклари қўйиб чиқилмоқда.