Вазирликларнинг бўш турган кўчмас мулк объектлари уларнинг розилигисиз савдога чиқарилади

Қайд этилишича, ижарага берувчи томонидан объектларни аниқлаш мақсадида доимий равишда хатлов ўтказилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 дек — Sputnik. Вазирликларнинг бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари уларнинг розилигисиз ижарага бериш ёки сотиш учун савдога чиқарилади. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берди.
Вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини уларнинг розилигисиз ижарага бериш ёки сотиш учун савдога чиқариш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Мазкур Низом вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли бўлган, 3 ойдан ортиқ муддат давомида фойдаланилмасдан бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини (бундан ижтимоий соҳа объектлари мустасно) уларнинг розилигисиз ижарага бериш ёки сотиш учун савдога чиқариш тартибини белгилайди.

Қайд этилишича, ижарага берувчи томонидан объектларни аниқлаш мақсадида доимий равишда хатлов ўтказилади.
Хатлов давомида аниқланган объект 1 иш куни ичида ахборот тизимига киритилади.
Ижарага берувчи объект ҳақидаги маълумотларни ахборот тизимига киритган кундан бошлаб 3 иш куни ичида объектнинг балансда сақловчисига огоҳлантириш хати юборади.
Унда балансда сақловчи томонидан объектдан 3 ой муддатда самарали фойдаланилиши ҳамда бу ҳақда ижарага берувчига маълумот тақдим этилиши, шунингдек ушбу талабга риоя қилинмаган тақдирда, объект белгиланган муддат ўтганидан сўнг ижарага бериш ёки сотиш учун электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилиши кўрсатилади.
Объектни сотиш учун электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш тўғрисидаги қарор қуйидагилар томонидан қабул қилинади:
- бинолари ва иншоотларининг умумий майдони 2000 квадрат метргача бўлган ва стратегик аҳамиятга эга бўлмаган объектлар бўйича – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари;
- бинолари ва иншоотларининг умумий майдони 2000 квадрат метрдан ортиқ, аммо 5000 квадрат метрдан кўп бўлмаган ва стратегик аҳамиятга эга бўлмаган объектлар бўйича – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари;
- бинолари ва иншоотларининг умумий майдони 5 000 квадрат метрдан ортиқ ва стратегик аҳамиятга эга бўлган объектлар бўйича – Президент, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси.