Ўзбекистон ва Қозоғистон Халқаро саноат кооперацияси марказини ташкил этади – Хўжаев

Ўзбекистон Қозоғистон билан учинчи давлат бозорларини ўзлаштириш учун саноат кооперациясини ривожлантириш алоҳида эътибор қаратади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 дек — Sputnik. Ўзбекистон ва Қозоғистон Халқаро саноат кооперацияси марказини ташкил этади. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Ўзбекистон ва Қозоғистон тадбиркорлари бизнес-форумида маълум қилди.
Хўжаевнинг қайд этишича, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг қиёсий устунликлари асосида юқори технологияли ишлаб чиқаришларни яратиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, учинчи давлат бозорларини келгусида биргаликда ўзлаштириш мақсадида юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича саноат кооперациясини ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга.
“Шу муносабат билан эртага қозоғистонлик ҳамкасбларимиз билан Халқаро саноат кооперацияси марказини ташкил этиш бўйича шартнома имзолаймиз”, - дейди Хўжаев.
Унинг қўшимча қилишича, автомобилсозлик, электроника ва электротехника, энергетика, фармацевтика, кимё ва тўқимачилик саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларидан фақат бир нечтаси.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда Ўзбекистон ва Қозоғистон тадбиркорлари ўртасида бизнес-форум бўлиб ўтмоқда.