Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик бўйича йўл харитаси имзоланади

Навоий ва Қизилўрда вилоятлари ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича “Йўл харитаси” имзоланиши кутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 дек — Sputnik. Навоий ва Қизилўрда вилоятлари ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича “Йўл харитаси” имзоланади. Бу ҳақда пойтахтда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон ва Қозоғистон тадбиркорлари ўртасидаги бизнес-форумида вилоят ҳокими Нормат Турсунов маълум қилди.
Навоий вилояти ҳокимининг сўзларига кўра, Қозоғистон учун “Навоий кон-металлургия комбинати”, “Навоийазот”, “Қизилқумцемент” ва бошқа йирик корхоналар билан кооперация алоқаларини йўлга қўйиш имкониятлари мавжуд.
Вилоят ҳокимининг қайд этишича, Қизилўрда вилояти раҳбари Нурлибек Налибоев билан биргаликда бир қатор йўналишларда ҳудудлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича “Йўл харитаси” имзоланади.
“Йўл харитаси” қуйидаги йўналишларни қамраб олади:
савдо-иқтисодий;
сармоя;
маданий-гуманитар.
Шунингдек, келгуси йилда Навоий ва Қизилўрда вилоятлари ёшлари ўртасида университетлараро форум ўтказиш режалаштирилган.
Маълумот учун, Навоий вилояти Қизилўрда вилоятининг Қармақши ва Шардара туманлари, шунингдек, Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Шиели тумани билан умумий чегарага (620 км) эга.
Бугунги кунда минтақада 40 мингга яқин қозоқ миллати вакиллари, яъни Ўзбекистондаги энг йирик диаспора яшайди.
Ҳозирги кунда Навоий вилоятида 190 га яқин кон мавжуд. Вилоятда Қозоғистон капитали иштирокидаги 9 корхона фаол ишламоқда.