ТОШКЕНТ, 21 дек — Sputnik. Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Тошкентда автобус йўлагига кирган ҳайдовчиларга қандай жазо белгиланишини маълум қилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддасига кўра, ҳеч қандай сабабсиз мазкур тасмага ўтиб ҳаракатланган ҳайдовчилар БҲМнинг 50 фоизи (150 минг сўм), ажратилган тасмада сабабсиз тўхтаб турган ҳайдовчилар эса 128-6-моддасига кўра БҲМнинг 2 баравари миқдорида (600 минг сўм) жаримага тортилади.
Аввалроқ Тошкент шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб 475 кмга яқин 34 та алоҳида автобус йўлаклари ташкил этилиши ҳақида хабар берган эдик.
Алишер Навоий, Беруний, Амир Темур ва Фарғона йўли кўчалари бўйлаб йўлакчалар ташкил этилади. Қолган кўчаларда эса 1-2 ой ичида тўлиқ ташкил этилади.