ТОШКЕНТ, 20 дек — Sputnik. Ўзбекистон ҳукуматидаги вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатида айтиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев 2023 йилдаги устувор йўналишларни тўхталиб, ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтишни таклиф қилди.
“Биринчи йўналиш – ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтишни таклиф қиламан”, - деди Шавкат Мирзиёев.
У сўзини айнан шу йўналишдаги ислоҳотдан бошлаётганига изоҳ бериб, Олдинлари эътибордан четда қолиб, “йўқ бўлиб кетиш” арафасида бўлган соҳаларни “оёққа турғизиш” учун, олти йил давомида янги вазирлик ва идораларни ташкил қилишга тўғри келганини қайд этди.
“Буни қилишга мажбур эдик, акс ҳолда ҳозирги ютуқларимиз бўлмас эди. Мактабгача таълим, уй-жой коммунал, маҳаллабай ишлаш, инвестиция, давлат хизматлари, давлат-хусусий шериклик соҳаларида катта натижаларга эришдик. Хусусий сектор ва тадбиркорликнинг ривожланиши ортга қайтмас жараёнга айланди”, - дейди президент.
У аҳолининг фаоллиги, замонавий технология ва касб-ҳунарларга интилиши ошиб бораётгани, кундан-кунга иқтисодиётда янги-янги йўналиш ва соҳалар яратилаётганига таъкидлади.
Шавкат Мирзиёевнинг қайд этишича, Биринчи босқичда вазирликлар ислоҳ қилинади, Ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгаради.
“Энг аввало, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилади. Энди ҳар бир вазирлик тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга масъул бўлиб, тармоқ таркибидаги қўмита, агентлик ва инспекцияларга раҳбарлик қилади”, - дейди Мирзиёев.
Шунингдек, президент давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 25-30 фоизга қисқартилишини айтди. Иқтисод қилинадиган маблағлар эса ижтимоий масалаларга йўналтирилади.
“Кўп вазирлар ўзгаради. Ўз соҳасининг чуқур билимдони, фидойи ва ишидан халқ рози бўлаётган вазирлар лавозимида қолади. Ўйлайманки, бундай ёндашув адолатли бўлади. Ҳар бир вазирнинг сиёсий мақоми, президент, парламент ва жамоатчилик олдидаги масъулияти оширилади”, - дейди Ўзбекистон раҳбари.
У сўзида давом этиб, мос равишда вазирларнинг жавобгарлиги ҳам кучайтирилишини, уларга аҳоли муаммоларини ҳал қилиш учун етарли ваколат ва маблағ берилишини қўшимча қилди.
“Вазирликлар фаолиятида очиқлик, қонунийлик, натижадорлик ва сифат асосий мезон бўлади”, - дея фикр билдирди президент.
Бундан ташқари, эндиликда давлат лавозимларига фақат танлов асосида ишга қабул қилиш тартиби ўрнатилади. Барча раҳбарлар фаолияти самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаб борилади.
Президентга кўра, янги йилдан бошлаб ҳар бир ҳоким ўз туманига 40-50 миллион доллар хусусий инвестицияларни олиб келиши керак бўлади