ТОШКЕНТ, 20 дек — Sputnik. Узрли сабабларга кўра ўқишни кўчириш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш бўйича ҳудудий Ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳудудий ишчи гуруҳлар 2022 йилнинг 20 декабридан 2023 йилнинг 20 январь кунига қадар (ўша куни ҳам) фаолият кўрсатади.
Юқоридаги қарорга асосан фуқаролар қуйидаги узрли сабабларга кўра ҳудудий ишчи гуруҳларига ариза топширишлари мумкин:
талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун;
давлат органларининг ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун (тегишли вазирлик (идора) раҳбарининг тавсияси асосида).
Ҳудудий ишчи гуруҳларга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
ўқишни кўчириш бўйича ариза (ариза бланкаси ҳудудий ишчи гуруҳи томонидан берилади ва талаба томонидан жойида тўлдирилади);
талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома ёки транскрипт нусхалари (биттаси бўлса етарли);
паспорт нусхаси;
юқорида қайд этилган узрли сабабларни асословчи тегишли ҳужжатлар.
Ўқишни қайта тиклаш бўйича (кўчириб тиклаш бундан мустасно) аризалар талабанинг четлатилганлигига неча йил бўлганлигидан қатъи назар бевосита ўзи таҳсил олган ОТМга тақдим этилади.