Россияда “Википедия” муқобили қачон ишга туширилиши маълум қилинди

Ҳозиргача маҳаллий порталда 100 мингдан ортиқ мақолалар тўпланган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 дек — Sputnik. Россияда “Википедия”нинг маҳаллий муқобили – “Билимлар” портали 2023 йилнинг биринчи чорагида ишга туширилиши режалаштириляпти. Бу ҳақда Россия рақамли ривожланиш, коммуникациялар ва оммавий коммуникациялар вазири Максут Шадаев маълум қилди.

“Бизнинг қидирув рўйхатларимизда “Википедия” Роскомнадзор талабларини бузадиган манба сифатида белгиланган. Бизнинг асосий вазифамиз ўз порталимизга эга бўлишдир. Биз уни яратмоқдамиз – “Билимлар” портали... ҳозир у ерда 100 мингдан ортиқ мақолалар тўпланган. Ушбу ресурс йил бошида ишга туширилиши режалаштирилган”, - дейди вазир. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирган.

Шадаев сўзларига кўра, порталга жойлаштирилган материаллар кўп босқичли текширувдан ўтган.

“Кейинчалик биз рус ресурси қидирув натижаларида устувор бўлишини сўраймиз, шунда у ҳар доим “Википедия”дан юқори бўлади”, - дея тушунтирган у.

Аниқлик киритилишича, ҳозирда портал тест режимида.
Жорий йилнинг май ойида Федерация Кенгаши сенаторлари “Википедия”нинг русча муқобилини яратиш таклифини билдирганди. Ўшанда Фан, таълим ва маданият қўмитаси раҳбари Лилия Гумерова мақсад ҳақиқатга мос муқобил платформа тузиш эканини таъкидлаган.
Апрель ойида Россия суди биринчи марта "Wikimedia Foundation" ташкилотини “Википедия”дан Россия армиясининг Украинадаги махсус операция вақтидаги ҳаракатларига оид бешта мақолани олиб ташламагани учун жаримага тортганди. Улар орасида Мариуполь, Буча, Киевда содир бўлган воқеалар ҳақида материаллар бор. Кейинчалик компания шунга ўхшаш протокол бўйича яна бир марта жаримага тортилди.
Июль ойида Роскомнадзор қидирув тизимларига фойдаланувчиларни “Википедия” хизмати қонунларни бузиши ҳақида хабардор қилишни буюрди, сабаби портал Россияда тақиқланган деб тан олинган айрим материалларни олиб ташламади.