Ўқитувчиларнинг мақомини Конституцияда белгилаш зарур – президент

Мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касби нуфузини ошириш, шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифалардан бири бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 дек — Sputnik. Ўқитувчилар мақомини мамлакат Конституциясида белгилаб қўйиш ҳамда мактабларга янги муҳит кириб келиши керак. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатига айтиб ўтди.
“Биринчи навбатда, эътиборни Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратамиз. “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда”. Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади”, - деди Мирзиёев.
Президентнинг таъкидлашича, мактабларда таълим сифати ҳамда жамиятда ўқитувчи касби нуфузини ошириш, шароитларини яхшилаш 2023 йилдаги энг асосий вазифалардан бири бўлади.
“Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш зарур, деб ҳисоблайман. Ўқувчиларда эркин, танқидий ва креатив фикрлашни, жамоад́а ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарур. Мана, мактабларимизга қандай муҳит кириб келиши керак”, - дейди Ўзбекистон раҳбари.
У нутқи давомида, бу борада, Президент мактабларида 130 та мамлакатда маъқулланган “Эй-Лэвэл” таълим дастури йўлга қўйилгани ва ўз самарасини бераётганини қўшимча қилди.