Мулкни хатлаш ва тинтув ўтказишга рухсат бериш ваколати прокурорлардан олинади

Энди, терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмайди
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 дек — Sputnik. Тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколати прокурордан судга ўтказилади, деди президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатида.
“Энди, терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмайди. Ахир, биз хусусий мулк дахлсизлигини кучайтириш бўйича озмунча ҳаракат қилаяпмиз-ми? Бундан буён, мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади”, - деди президент.
У тергов сифатини ошириш бўйича ҳам тизимли чоралар кўрилишини қўшимча қилди. Хусусан, тергов шахсни айблаш учун эмас, жиноятни фош этиш орқали ҳақиқатни аниқлаш учун ишлаши керак.
“Шу билан бирга, судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилади. Улар махсус ўқитилади, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланади”, - дейди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилади. Хусусан, энди судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилинади. Айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий этилади.
Президент айрим ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича ҳолатларга ҳам эътибор қаратди.
“Охирги пайтларда айрим ушлаб туриш жойларида инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича оғриқли масалалар кўтарилмоқда. Бизнинг юртимизда бундай ҳолатлар умуман бўлиши мумкин эмас. Ким бунга амал қилмаса, қонун устувор, жазо муқаррар бўлади”, - дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Унинг қайд этишича, бундай жойларга олиб келинган барча шахсларни ҳисобга олишнинг онлайн тизими жорий этилади ва юзни таниш ускунаси ўрнатилади.
Йил якунида президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси - мамлакат ҳаётида муҳим воқеадир.Мурожаатномада йилнинг асосий кўрсаткичлари, эришилган ютуқлар ҳамда олдинга қўйилган мақсад ва вазифалар белгилаб олинади. Шунингдек келаётган янги йилнинг номи ҳам эълон қилинади.
Ўзбекистонда ҳар бир йилни ҳаётнинг маълум бир соҳасига бағишлаш анъанаси 1997 йилдан буён амалга оширилиб келинмоқда.
Шавкат Мирзиёев ушбу анъанани 2018 йилдан буён давом эттириб келмоқда. Ўтган йилларда Ўзбекистонда тадбиркорлик ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, инвестициялар ҳамда ижтимоий ривожланиш, илм-фан ва рақамли иқтисодни ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда инсон манфаатларини таъминлашг ва маҳаллани мустаҳкамлаш каби эзгу мақсадлар қўйилган эди.