ТОШКЕНТ, 20 дек — Sputnik. Ўзбекистонда 2022/2023-ўқув йили учун магистратура қишки қабули бошланмоқда. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Танловда иштирок этиш истагини билдирганлар 2022 йил 20 декабрдан 2023 йил 10 январга қадар (шу куни ҳам) magistr.edu.uz электрон тизими орқали онлайн рўйхатдан ўтишлари мумкин. Танлов натижалари бакалавриат дипломининг ўртача баллари асосида аниқланади.
Маълумот учун, Давлат қабул комиссияси қарорига биноан, истисно тариқасида фақат ушбу 2022/2023-ўқув йили магистратура қишки қабулида хорижий тилни билиш даражасидан қатъи назар сертификати борлар ҳужжат топширишига рухсат берилган.
Муҳим жиҳати ўқишга қабул қилинган талабалар ўқиши давомида белгиланган тартибда талаб этилган миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатни қўлга киритиши лозим. Акс ҳолда якуний давлат аттестациясига рухсат этилмайди.
Миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар рўйхати билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.