ТОШКЕНТ, 20 дек — Sputnik. Келгуси йилда олийгоҳлар учун имтиёзли таълим кредитларига ресурслар 2 баробар кўпайтирилиб, 1,7 триллион сўм ажратилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатида айтиб ўтди.
Президентнинг сўзларига кўра, бу йил илм-фан ва инновацияларга 1,5 триллион сўм йўналтирилди. Бу – 2017 йилга нисбатан қарийб 6 баробар кўп, дегани.
Олимларнинг иш ҳақи ҳам, 4,5 баробарга оширилган. Буларнинг ҳисобига, нано- ва био-технологиялар, рақамли геология каби 18 та янги илмий йўналиш ташкил этилган. Келаси йили илм-фан ва инновацияларга 1,8 триллион сўм ажратилади.
“Энди, олимларимиз сув ва энергияни тежаш, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлик, геология, саноат, қурилиш каби бугунги кунда биз учун долзарб йўналишларда аниқ натижалар кўрсатишлари керак”, - дейди Шавкат Мирзиёев.
Йил якунида президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси - мамлакат ҳаётида муҳим воқеадир.Мурожаатномада йилнинг асосий кўрсаткичлари, эришилган ютуқлар ҳамда олдинга қўйилган мақсад ва вазифалар белгилаб олинади. Шунингдек келаётган янги йилнинг номи ҳам эълон қилинади.
Ўзбекистонда ҳар бир йилни ҳаётнинг маълум бир соҳасига бағишлаш анъанаси 1997 йилдан буён амалга оширилиб келинмоқда.
Шавкат Мирзиёев ушбу анъанани 2018 йилдан буён давом эттириб келмоқда. Ўтган йилларда Ўзбекистонда тадбиркорлик ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, инвестициялар ҳамда ижтимоий ривожланиш, илм-фан ва рақамли иқтисодни ривожлантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда инсон манфаатларини таъминлашг ва маҳаллани мустаҳкамлаш каби эзгу мақсадлар қўйилган эди.