ТОШКЕНТ, 20 дек — Sputnik. 2023 йилда Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 1068,0 триллион сўм, Давлат бюджети 257,7 триллион сўм бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги лойиҳасида сўз боради.
Кеча, 19 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар "Давлат бюджети тўғрисида"ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди.
Мажлисда кун тартибидаги масала юзасидан Молия вазири Тимур Ишметов, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Шарофиддин Назаровнинг маърузаси эшитилди.
Қонун лойиҳаси ва Бюджетномада ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш сурати 5,3 фоиз миқдорда бўлиши назарда тутилмоқда. Хусусан, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 5,1 фоиз, қурилиш 6,0 фоиз, қишлоқ хўжалиги 3,5 фоиз, хизматлар соҳасида 6,7 фоизга ортиши кутилмоқда. 2023 йилда мамлакатнинг ЯИМ 1068,0 триллион сўмни, Давлат бюджети даромадлари 232,1 триллион сўм ёки ЯИМга нисбатан 21,7 фоиз даражасида бўлиши кутилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан 2023 йилдан бошлаб консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган микдори ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан ошмаслиги белгиланмоқда.
Давлат бюджетининг харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларига ажратиладиган трансфертлар билан бирга ) 257,7 триллион сўмни, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 24,1 фоизни ёки 2022 йил кутилаётган ижрога нисбатан 18,9 трлн сўмга ортиши прогноз қилинмоқда.
Шунингдек, 2023 йилда жалб қилинадиган давлат ташқи қарзининг юқори чегарасини 4,5 млрд доллар ҳамда ички облигацияларни муомалага чиқаришнинг юқори чегарасини 17,0 трлн сўм қилиб белгилаш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, 2023 йил учун маҳаллий бюджетлар баланслилигини таъминлаш мақсадида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда фойда солиғидан тушумларнинг Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри учун ўтказиб бериладиган қисмлари қайта кўриб чиқилиши режалаштириляпти.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳасини депутатлар биринчи ўқишда қабул қилишди.