ТОШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. Россия ҳеч қачон глобал озиқ-овқат инқирози ва озиқ-овқат нархининг ошиши мавзусидан сиёсий восита сифатида фойдаланмаган ва фойдаланмайди. Бу ҳақда Россия Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенко таъкидлади.
“Ғарбнинг озиқ-овқат инқирози, озиқ-овқат нархининг кўтарилишида Россияни айблашга уринаётган виждонсизларча сиёсати энди самара бермаяпти. Бу Ғарб қўлидаги сиёсий восита эканлигини аллақачон ҳамма тушуниб етди. Биз бу мавзудан ҳеч қачон сиёсий дастак сифатида фойдаланмаганмиз ва фойдаланмаймиз ҳам”, - деди Матвиенко “Россия 1” телеканали эфирида. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирган.
Унинг сўзларига кўра, Россия халқаро майдонда ҳамиша ўзини жуда виждонли тутади.
Федерация кенгаши раиси Россиянинг ўзи бошқа томонларни жалб қилмасдан ўз ғалласини экспорт қилиш тарафдори эканлигини айтди.
“Биз ғаллани ўзимиз ишлаб чиқарамиз ва ресурсларимизни бировнинг қўлига ўтказмасдан, ўзимиз таъминлашимиз керак, ғалла эса уни бизга қарши ишлатаётганлар учун жуда муҳим ресурс”, деди Матвиенко.
Унинг таъкидлашича, ғалла ичимлик суви билан бир қаторда Ердаги ҳаётни сақлаб қолиш ва қутқариш имконини берувчи улкан ресурсдир.
“Менимча, бу борада Россиянинг ўзига хос глобал миссияси бор. Россияда бугунги кунда рекорд даражадаги ғалла ҳосили инсониятнинг катта қисмини, айниқса, қашшоқ мамлакатларни ҳақиқий очликдан қутқариш гаровидир”, - деди Федерация кенгаши спикери.
Ғарб Украинадаги можаро туфайли Россияга нисбатан санкциялар босимини кучайтирди, бу эса Европа ва Қўшма Штатларда электр энергияси, ёқилғи ва озиқ-овқат нархларининг ошишига олиб келди. Россия президенти Владимир Путин Россияни жиловлаш ва заифлаштириш сиёсати Ғарбнинг узоқ муддатли стратегияси эканлигини ва санкциялар бутун жаҳон иқтисодиётига жиддий зарба берганини айтди.