“Президент совғаси”нинг биринчи карвони ҳудудларга жўнатилди

“Президент совғаси”ни бу йил 3–15 ёшдаги 10 минг нафар болага топширилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. Бугун Тошкентдаги “Crafers” қандолатчилик фабрикасида “Президент совғаси”ни қадоқлаш, безаш ва ҳудудларга жўнатиш жараёнлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
3–15 ёшдаги 10 минг нафар болага мўлжалланган “Президент совғалари” таркибига Ўзбекистон президентининг болаларга йўлланган Янги йил байрами табриги, 14 турдаги ширинликлар, 3 турдаги ўқув қуроллари, электрон китоб, термос ва шахмат жиҳозлари киритилган.
Шунингдек, жорий йилда мазкур совғалар таркибига Меҳрибонлик уйлари, Оилавий болалар уйлари, SOS болалар маҳаллалари ҳамда “Меҳрли мактаб”нинг 12 ёшдан катта бўлган 1095 нафар тарбияланувчилари учун замонавий электрон китоблар ҳам киритилди.
Қайд этилишича, “Президент совғаси” мамлакатнинг 10 та ҳудуди — Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларига “Ўзбекистон ҳаво йўллари” орқали, Сирдарё, Жиззах, Тошкент вилоятларига ҳудудий Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари кузатуви остидаги автотранспорт воситаларида етказилиши режалаштирилган.
“Президент совғаси” жорий йилнинг 29-30 декабрь кунлари Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган болалар, ота-оналари Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган болалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига топширилади.