Ўзбекистонлик режиссёрлар “Евроосиё” кинофестивалида тақдирланишди

Қамара Камалова “Йўл бўлсин” бадиий фильми учун ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофотига лойиқ кўрилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 12-18 декабрь XVI “Евроосиё” халқаро кинофестивали бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик бир гуруҳ ижодкорлар ҳам тақдирланишди.
Хусусан, кинорежиссёр Али Ҳамраев “Марказий Осиёда кино санъати ривожига қўшган ҳиссаси учун” номинациясини қўлга киритди, кинорежиссёр Қамара Камалова “Йўл бўлсин” бадиий фильми учун ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофотига лойиқ кўрилди. Шунингдек, Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов “Евросиёда фестиваль ҳаракатини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” махсус соврин билан тақдирланди.
Шу билан бирга фестиваль доирасида Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов Қозоғистон Маданият ва спорт вазири ўринбосари Нуркиса Дауешов, Қозоғистон Кинематографияни ривожлантириш маркази директори Есетжан Косубаев ва “Кинопарк” энг йирик кинотеатрлар тармоғи раҳбари Ерлан Бухарбаев билан учрашувлар ўтказди.
Учрашувлар давомида ўзаро ҳамкорликда олинадиган кино лойиҳалар, кино санъати ва саноатининг бошқа йўналишларида амалга ошириладиган ишлар бўйича муҳокамалар бўлди.
Бундан ташқари, БДКИнинг Тошкент филиали ва Турон университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шартномага кўра талабалар ўртасида ўзаро ҳамкорлик лойиҳаларини, ўқув курсларини, илмий конференция ҳамда ўқув дастурларини, маҳорат дарсларини ташкил қилиш этиш кўзда тутилган. Ҳар икки олий даргоҳ дипломлари Ўзбекистон ва Қозоғистонда тан олинади.
“Евроосиё” халқаро кинофестивали Қозоғистондаги 1998 йилда ташкил этилган. У икки йиллик танаффусдан кейин яна қайта ўз ишини бошлади. Ўтган йилларда бу фестивалга Ким Ки Дук, Эмир Кустурица, Жан Клод Ван Дамм, Микеле Плачидо, Катрин Денев ҳамда Винсен Кассель каби дунё кино юлдузлари ташриф буюрганди.