ТОШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов “Янги Ўзбекистон - ўзгарувчан ва ўзаро боғлиқ дунёда ишончли ҳамкор” мавзусида давра суҳбати чоғида мамлакатнинг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратди.
Норовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон кўп томонлама дипломатия тамойилларига қатъий риоя қилиб, халқаро институтлар билан мулоқот доирасида янги уфқларни очмоқда.
Хусусан, мамлакат Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (БМТ) глобал муаммоларни ҳал қилиш ва халқаро хавфсизликни таъминлашда марказий ролини мустаҳкамлаш тарафдоридир.
Давра суҳбати иштирокчиларининг эътибори Ўзбекистон раҳбарининг Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича йиғилиш майдонида эълон қилинган БМТ шафелигида Афғонистон бўйича халқаро музокаралар гуруҳини тузиш таклифига қаратилди.
“Ўзбекистон раҳбари томонидан илгари сурилган бу ва бошқа кўплаб ташаббусларни биргаликда амалга ошириш барча ютқазадиган қарама-қаршиликлар ва рақобатдан холи бўлган кенг кўламли минтақалараро ҳамкорликни шакллантиришга имкон беради”, - деди вазир.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари мамлакатнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги (ШҲТ) раислиги ҳақидаги фикрлари билан ҳам ўртоқлашди.
Мазкур тузилмада республика раислиги транспорт, саноат кооперацияси, энергетика, озиқ-овқат ва экологик хавфсизлик, инновация, рақамли трансформация ва яшил иқтисодиёт каби устувор йўналишлардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги стратегик қирраларини очишга қаратилганлиги қайд этилди.
Ушбу жабҳаларнинг ҳар бири бўйича ҳамкорлари билан биргаликда рекорд миқдордаги ҳужжатлар қабул қилинди. Бу ШҲТга аъзо барча давлатларининг кўп қиррали алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдорлигини кўрсатмоқда.
“Бу таркиби янги иштирокчилар билан кенгайиб, халқаро нуфузи мустаҳланиб бораётган ташкилотдан жуда яхши ва ижобий сигналдир” - деди у.
Ўзбекистон кўп томонлама дипломатияси ҳақида сўз юритар экан, Владимир Норов Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) Самарқанддаги саммитини ҳам эслатиб ўтди. Ушбу тадбир ташкилотнинг ўзаро ҳамкорлик платформасидан савдо-иқтисодий, транспорт, маданий-гуманитар соҳаларда амалий мулоқот бўйича тўлақонли минтақавий ташкилотига айланиш дастурини тасдиқлади.