Ноқулай об-ҳаво бир қанча аэропортлар фаолиятини чеклаб қўйди

Ўндан ортиқ рейслар бошқа аэродромларга юборилди ёки кечикитирилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. Қалин туман туфайли кўришнинг ёмонлашиши Тошкент ва Наманган халқаро аэропортларида самолётларни қабул қилиш ва учиришни чеклаб қўйди. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Кўриш даражаси деярли нолга тушгани сабаб “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг HY614 (Москва-Тошкент) рейси Бухородаги муқобил аэродромга жўнатилган. Бортида 214 йўловчи бўлган самолёт маҳаллий вақт билан соат 03:23 да Бухорога қўнган. HY426 (Деҳли-Тошкент) рейси ҳам Бухоро аэропортига йўналтирилган. Кўриш яхшиланганидан кейин иккала самолёт ҳам Тошкентга учиб кетган.
“Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг HY23/24 (Тошкент — Бухоро — Тошкент) рейси бироз кечиктирилди. HY23 рейси маҳаллий вақт билан соат 10:52 да Бухорога келиб қўнган ва 11:53 да Тошкентга жўнаб кетган.
Бундан ташқари, “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг HY9662 (Екатеринбург — Тошкент), HY3196 (Сеул — Тошкент), HY274 (Истанбул — Тошкент), HY708 (Владивосток — Тошкент), HY9646 (Москва — Тошкент) йўналишларидаги рейслари Навоийдаги муқобил аэродромга йўналтирилган. Шунингдек, Россиянинг “Аэрофлот” авиакомпаниясининг Минералние Води — Тошкент йўналиши бўйича AFL1870 рейси Навоийга жўнатилган.
“Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг HY18 (Нукус — Тошкент) ва HY336 (Жидда — Тошкент), Озарбайжоннинг “Азал” авиаташувчисининг AHY5031 (Боку — Тошкент), “Fort Aero”нинг FRX513 чартер рейси Самарқандга муқобил аэродромга жўнаб кетган.
“Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг Перм — Наманган йўналиши бўйича HY9802 рейси Фарғона аэропортига йўналтирилган ва маҳаллий вақт билан соат 01:51 да Фарғонага келиб қўнган.
HY9620/9619 (Москва — Наманган — Москва) рейси учиш вақти 18 декабрдан 19 декабрга ўзгартирилган. Самолёт белгиланган аэропортга маҳаллий вақт билан соат 16:10 да жўнайди.
19 декабрь куни маҳаллий вақт билан соат 16:40 га белгиланган HY9619 (Наманган — Москва) рейси эса 20 декабрга кўчирилган. “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг HY9805 (Наманган — Самара) ва HY9806/9829 (Самара — Наманган — Екатеринбург) рейслари ҳам кечиктирилган.
S7 авиакомпаниясининг SBI5567/5568 (Новосибирск — Наманган — Новосибирск) рейси; “Air Arabia” авиакомпаниясининг G785 (Наманган — Шаржа) ва G785 (Шаржа — Наманган — Шаржа) рейслари; “Red Wings” авиакомпаниясининг WЗ4483/4484 рейслари (Москва — Наманган — Москва); шунингдек, Jazeera Airways’нинг J9645 рейси (Кувайт — Наманган — Кувайт) Наманганда об-ҳаво шароити яхшиланмагунча кечиктирилган.
Компаниянинг маълум қилишича, Наманган аэропортида ҳаво кемаларини қабул қилиш ва жўнатиш учун чекловлар ҳамон амалда.