Экологик партияга янги раис сайланди

Экологик партия Марказий Кенгашининг навбатдаги Пленуми ўтказилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. Абдушукур Ҳамзаев Ўзбекистон Экологик партияси раиси этиб сайланди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.
У бу лавозимга партия Марказий Кенгашининг навбатдаги пленумида сайланган.
Абдушукур Ҳамзаев 1973 йилда Сурхондарё вилояти Узун туманида туғилган. 1995 йил Самарқанд қишлоқ хўжалик институтини, 2013 йил Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган, мутахассислиги – агроном олим. Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор.
2022 йил июнь ойидан буён Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган.
17 та қишлоқ хўжалик экин навлари ва 16 та ихтиро патенти муаллифи, унинг 270 дан зиёд илмий ишлари чоп этилган.
Шунингдек, экология, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги соҳасида Хитой, Япония, Корея, Исроил, Туркия, Германия, Болгария каби давлатларда малака оширган.
Эслатиб ўтамиз, бунгача Экология қўмитасига Нарзулло Обломуродов раислик қилаётганди. У бу лавозимга 2021 йил 1 февраль куни сайланганди. Кейинроқ, ўша йил 30 декабрда эса Обломуродов Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси этиб тайинланганди.