ТОШКЕНТ, 18 дек — Sputnik. "Uzbekistan Airways" тўртинчи Airbus 321neo ҳаво кемасини харид қилди. Кеча тунда ҳаво кемаси Тошкент аэропортининг маҳаллий авиайўналишлар терминалига келиб қўнди.
Қайд этилишича, мазкур самолёт энергия тежовчи бўлиб, у 188 нафар йўловчи сиғимига эга. Самолётнинг максимал учиш вазни 97 тоннага тенг. У 6 850 км масофагача парвоз қилиш имконига эга.
“2022 йил учун 5 та янги ҳаво кемасини харид қилиш режалаштирилган эди. Бугун биз тўртинчи ҳаво кемасини кутиб олдик. Кейинги ўн йилликда яна 12 та ҳаво кемасини қабул қилишни режалаштирганмиз”, - дейди Uzbekistan Airways матбуот котиби Камола Икромова.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамиятини трансформация қилишга оид таклифлар тақдимоти билан танишганди.
Қайд этилишича, авиакомпанияга халқаро тажриба асосида корпоратив бошқарув тизими жорий этиш, ҳаво кемаларини кўпайтириш, хизматлар сифатини ошириш ва юк ташиш тармоғини кенгайтириш чоралари кўрилади. Хорижий инвесторларни жалб этган ҳолда авиакомпанияни жаҳон стандартлари асосида хусусийлаштириш ишлари якунига етказилади.