ТОШКЕНТ, 18 дек — Sputnik. Омск давлат университети ва Навоий давлат педагогика институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Россия Федерациясининг Омск вилояти губернатори бошчилигидаги делегация Навоий вилоятига ташриф буюрди. Делегация вакиллари - Омск давлат университети ректори Сергей Замятин ва Омск таълим вазири Татьяна Дернова ташриф давомида Навоий давлат педагогика институтида ҳам бўлишди.
Навоий давлат педагогика институти
© Навоий вилояти ҳокимлиги
Учрашувда олийгоҳда ёшларни замон талаблари асосида билим олиши, илмий салоҳият, профессор-ўқитувчилар томонидан яратилаётган дарслик ва ўқув қўлланмалар ҳақида маълумот берилди.
Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликни кучайтириш, талабалар алмашинувини таъминлаш бўйича ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Маълумот учун, айни кунда Навоий давлат педагогика институтида 10 дан ортиқ халқаро университетлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Ҳозирда институтда жами 10140 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Омск вилояти губернатори Александр Бурков Жиззах ва Навиоий вилояти ҳокимлари билан учрашганди.