ТОШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. Қатарда футбол бўйича жаҳон чемпионатининг финал баҳси Аргентина ва Франция миллий жамоалари ўртасида бўлиб ўтди.
Аргентиналиклар ўйиннинг 23 дақиқасига келиб ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Лионел Месси белгиланган пенальтини аниқ амалга ошира олди.
36 дақиқада Анхел Ди Мария ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди.
Иккинчи бўлимнинг 79 дақиқасида Аргентина дарвозасига 11 метрлик жарима зарбаси белгиланди. Килиан Мбаппе уни голга айлантирди ва орадаги фарқни қисқартирди. Орадан бир зум ўтмай Мбаппе дубль қайд этди. Натижада ҳисоб 2:2 бўлди. Бу билан францияликларнинг сўнаётган умиди қайта порлади.
Килиан Мбаппе
© Sputnik / Григорий Сысоев
Ҳакам ўйинга 8 дақиқа қўшиб берди. Баҳс дуранг билан якунланди. Шу боис ғолибни аниқлаш учун қўшимча 30 дақиқа тайинланди.
108 дақиқада Месси Аргентинани олдинга олиб чиқди. 116 дақиқада Аргентина дарвозасига яна пенальти тайинланди. Мбаппе уни осонлик билан голга айлантирди ва жаҳон чемпионатида хет трик муаллифи бўлди. Қўшимча вақтда ҳисоб 3:3 бўлгани учун навбат пенальтилар сериясига келди ва унда Аргентина устун келди.
Аргентина жаҳон кубогини бунга қадар 1978 ва 1986 йилда қўлга киритган эди. Бу ғалаба билан аргентиналиклар уч карра жаҳон чемпиони бўлишди.