Ўзбекистон ва Озарбайжон адлия вазирликлари ўзаро тажриба алмашишга келишиб олди

Адлия вазири Акбар Ташкулов Озарбайжон Республикаси адлия вазири Ф.Мамедов билан икки томонлама музокаралар ўтказди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 дек — Sputnik. Ўзбекистон ва Озарбайжон адлия вазирликлари ўртасида ҳамкорлик янада чуқурлаштирилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева маълум қилди.
Адлия вазири Акбар Ташкулов Озарбайжон Республикаси адлия вазири Ф.Мамедов билан икки томонлама музокаралар ўтказди.
Томонлар мавжуд идоралараро муносабатларни янада чуқурлаштириш ҳамда мустаҳкамлаш мақсадида икки давлат адлия вазирликлари ўртасида ҳамкорлик дастури доирасидаги тадбирларни давом эттиришга ҳамда ўзаро тажриба алмашишга қаратилган қатор ишларни ўтказишга келишиб олишди.
Ушбу ҳамкорлик дастури доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва давлат органлари фаолиятидаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилади.
Шунингдек, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва аҳолига уларнинг мазмун-моҳиятини етказиш, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасидаги фаолияти бўйича тажриба алмашилади.