ТОШКЕНТ, 17 дек — Sputnik. Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси ишонч телефонига “Толмачево” халқаро аэропортида 160 нафардан зиёд фуқаролар тўпланиб қолгани ва улар амалий ёрдамга муҳтожлиги тўғрисида хабар келиб тушди, деб хабар берди “Дунё” АА.
Бош консулхона ходимлари “Толмачево” халқаро аэропортига етиб бориб, Ўзбекистон фуқаролари билан учрашиб, вазият ҳақида тўлиқ маълумот олди.
Маълум бўлишича, “S7 Airlines” авиакомпанияси томонидан 13 декабрь куни “Новосибирск-Наманган” йўналиши бўйича режалаштирилган парвоз ноқулай об-ҳаво шароити сабабли вақтинча бекор қилинган.
Бош консулхона Новосибирск вилояти Транспорт прокуратураси, “S7 Airlines” авиакомпанияси, “Толмачево” халқаро аэропорти раҳбарияти билан мулоқот олиб борилиб, қолдирилган парвозни тезкор тарзда тиклаш чораси кўрилди. Хусусан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Наманган” халқаро аэропорти вакилларидан парвозни амалга оширишга рухсат берувчи зарур маълумотлар тақдим этилишига кўмаклашилди.
Кўрилган саъй-ҳаракатлар натижасида “Новосибирск-Наманган” йўналиши бўйича авиапарвоз тикланиб, 160 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди.