ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. Кеча, 15 декабрь куни Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятларида умумий қуввати 500 МВт бўлган 3 та қуёш фотоэлектр станциясини қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича ўтказилган тендер танловларида ғолиб инвесторлар аниқланди.
Мазкур лойиҳа Халқаро молия корпорацияси кўмагида “умумий қуввати 1000 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш Дастури” (IFC Scaling Solar program) доирасида амалга оширилмоқда.
3-босқичда Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятларида умумий қуввати 500 МВт бўлган 3 та қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа бўйича тендернинг 1-босқичи (RFQ) 2021 йил 31 августда ўтказилиб, ундан 11 та халқаро компания муваффақиятли ўтди. 2-босқич (RFP) эса 2022 йил 11 ноябрда якунланиб, 11 та компания орасидан 4 та компания белгиланган муддатгача таклифларини тақдим этди.
Якуний танлов натижаларига кўра:
“Masdar” компанияси (БАА) Бухоро вилоятида 250 МВт қувватга эга лойиҳани қуриш ва унда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг бир киловатт-соати учун 3,044 АҚШ центдан етказиб бериш таклифи билан ғолиб бўлди. Аҳамиятлиси, мазкур лойиҳа Ўзбекистонда биринчи марта қуввати 62 МВтлик Энергия сақлаш батареяси билан амалга оширилади.
“GD Power – Powerchina” консорциуми (Хитой) Наманган вилоятида 150 МВт қувватга эга лойиҳа учун унда ишлаб чиқарилган бир киловатт-соат электр энергиясини 4,828 АҚШ центида етказиб бериш таклифи билан ғолиб деб топилди. Ушбу лойиҳа бўйича тарифни оптималлаштириш юзасидан қўшимча музокаралар ўтказилади.
“Voltalia SA” компанияси (Франция) компанияси Хоразм вилоятида 100 МВт қувватга эга лойиҳа учун ишлаб чиқарилган бир киловатт-соат электр энергиясини 2,888 АҚШ центида етказиб бериш таклифи билан ғолиб деб топилди.
“Ғолиб бўлган инвесторлар қуёш фотоэлектр станцияларини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш, фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланади”, - дейилади вазирлик хабарида.
Ғолиблар билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битимларни 2023 йилнинг 1-чорагида имзолаш ва 2024 йилнинг 4-чорагида ушбу станцияларни ишга тушириш режалаштирилган.