Суд экспертлари фаолияти баҳолаб борилади – янги қарор

Ҳукумат қарори билан Суд экспертларининг фаолиятини рейтинг тизимида баҳолаб бориш тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. Эндиликда суд экспертлари фаолияти баҳолаб борилади. Бу бўйича Ҳукуматнинг 705-сонли қарори билан Суд экспертларининг фаолиятини рейтинг тизимида баҳолаб бориш тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.
Мазкур низом суд экспертларини рейтинг тизимида баҳолаш ва баҳолаш мезонлари, рейтинг натижалари бўйича суд экспертларини рағбатлантириш, рағбатлантиришни камайтириш ёки бекор қилиш ёки интизомий жазо қўллаш, шунингдек рейтинг кўрсаткичлари юқори суд экспертларининг ишини оммалаштиришни белгилайди.
Қарор билан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд экспертлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятига оид низом ҳам тасдиқланди.
Давлат суд-экспертиза муассасаларига уларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларидан 50 фоизгача қисмини ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантирш учун сарфлашга рухсат берилади.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Адлия вазирлиги янги таҳрирдаги “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйганди.