ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. 2022 йилда “Магнит” дўконлар тармоғи Ўзбекистондан сабзавот ва мевалар, жумладан, ёнғоқ ва ярим тайёр маҳсулотлар импортини икки баравар оширди. Бу ҳақда РИА Новости компанияга таяниб, хабар берди.
“Жорий йилда “Магнит” мавсум (пишиқчилик – таҳр.) тугагач Россия дўконлари пештахталарида етказиб беришни кўпайтириш мақсадида Ўзбекистондан сабзавот ва мевалар импортини икки баробарга оширди. 2022 йилнинг 11 ойи давомида Ўзбекистондан “Магнит” дўконларига мева-сабзавот етказиб бериш ҳажми 3,5 миллиард рублдан ошди”, - дейилади хабарда.
Шу билан бирга, хурмо импорти қарийб икки баравар, узум икки баравар, олхўри эса уч баробар ошди. Компаниянинг аниқлик киритишича, Россияда етиштирилмайдиган ёки маҳаллий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг қишда етказиб бериш имконияти чекланган мева-сабзавотлар импорт қилинмоқда.
“Жорий йилда импорт таркиби янги маҳсулот тоифалари ва навлари ҳисобига кенгайди: анор, лимон, шафтоли, олхўри ва қовоқ. Бундан ташқари, чакана савдо тармоғи Ўзбекистондан ёнғоқ ва ярим тайёр маҳсулотларни олиб киришни бошлади”, - дея қўшимча қилинган.
Бироқ, мавсумийлик омили мева-сабзавотларни етказиб бериш суръатига таъсир қиляпти – масалан, Ўзбекистондан йиллик импортнинг деярли 40 фоизи октябрь ва ноябрь ойларига тўғри келяпти. Ҳозирги вақтда импорт учун асосий маҳсулотлар узум ва хурмо ҳисобланади. Йиллик ҳажмнинг учдан бир қисми ёз ойларига тўғри келади – бу данакли мевалар (гилос, нектарин, шафтоли, олхўри) ва полиз экинлари мавсуми, шунингдек, узумнинг пишиш мавсумининг бошланишидир.
"Магнит" – Россия чакана савдо дўконлари тармоғи бўлиб, даромад бўйича Россияда учинчи ўринда туради. Тармоқ 1995 йилда Краснодарда компания фаолиятининг дастлабки йилларида компанияга эгалик қилган ва уни бошқарган Сергей Галицкий томонидан асос солинган, 2021 йилдан бери энг йирик акциядор Алехандра Marathon Group инвестиция компанияси ҳисобланади.